Деҳқонлар жавдарни “қашшоқлик донаси” деб ҳам аташади. Бунинг сабаби жавдар жуда унумсиз, ишлов берилмаган далаларда ҳам бемалол ўсиш қобилиятига эга. Жавдар юқори антиоксидант фаолликка эга бўлган арабиноксилан толаларига эга. Шу сабабли унинг таркибида фенологик кислоталар лигнанлар, алкилресорсинлар мурракаб бирикмалар ҳосил қилади. Буғдой учун мос бўлмаган шароитларда гуллаб-яшнашининг агротехник афзалликларига қарамай, жавдарнинг нон тайёрлаш самарадорлиги нисбатан анча паст. Бироқ жавдар одатда буғдойга қараганда камроқ крахмал ва хом протеинни ўз ичига олади. Нон ишлаб чиқаришда жавдар дони буғдойдан кейин иккинчи ўринда туради.

    Бу ўсимлик ўзининг бир қанча фойдали хусусиятлари билан бошқа дон экинларидан ажралиб туради. У бошқа дон экинларига нисбатан қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардандир. Жавдарнинг илдиз тизими сувни жуда самарали  қабул қилиши аниқланган. Унинг илдизи қуруқ вазни буғдой ва тритикаленикидан анчагина баланд. Бундан ташқари жавдар буғдойга қараганда қуруқ модда бирлигига 20-30% камроқ сув сарфлайди. Жавдарнинг қурғоқчил шароитда ҳам физиологик хусусиятлари буғдойга қараганда сезиларли даражада ўзгармаганлиги тадқиқотларда аниқланган.

    Жавдарнинг дони таркибида жуда кўплаб витаминлар, ферментлар, инсон организми учун зарур бўлган аминокислоталар, микро ва макроэлементларнинг борлиги унинг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Доннинг таркибидаги лизин, треонин аминокислоталари организмдаги тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланиши учун хизмат қилади. Тиббиёт учун ҳам жавдар донининг аҳамияти жуда ҳам каттадир. Чунки жавдар донидан тайёрланаётган препаратлар кўплаб онкологик касалликларни даволаш учун ишлатилмоқда. Бундан ташқари жавдар уни юрак хасталикларини камайтирувчи хусусият мавжуддир. Бир қанча тадқиқотларга қараганда, 28 грамм тўлиқ донли порция юрак хасталиги хавфини 22 % га камайтириши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, улар холестеролни камайтиришга ва қон босимини сақлашга ёрдам беради. Жавдар унидан тайёрланган қора нон табиий лаксатиф сифатида ҳаракат қилиб, ичак ҳаракатига ёрдам беради, ичак орқали моддалар оқимини тезлаштиради. Қора нонда мавжуд бўлган тўлиқ доналар инсульт хавфини камайтириши мумкин. Чунки улар таркибида антиоксидантлар, К витамини аминокислоталар мавжуддир. Жавдар нонини кўп истеъмол қиладиган одамларда инсульт хавфи энг кам истеъмол қиладиган одамларга қараганда 14 % га кам бўлган. 1-2 бўлак қора нонни истеъмол қилиш стрессдан халос бўлишга ёрдам беради. Чунки бутун донли озуқа маҳсулотлари серотонин гормонини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари жавдар нони қандли диабет касаллигинининг олдини олади. Қандли диабет билан касалланган беморлар жавдардан тайёрланган нонни истеъмол қилганда касаллик хавфи анча камайганлиги аниқланган.

 

Мархабо Махрамова

Самарқанд давлат университети

ўсимликлар физиологияси ва

микробиология кафедраси докторанти.