Самарқанд давлат университетига Италиянинг Тушиа университети ректори, профессор Стефано Убертини бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Мартабали меҳмонлар дастлаб СамДУ археология, зоология музейлари янгидан ташкил этилган Биокимё институти билан танишгандан сўнг Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан учрашди.

    Мулоқотда халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Томонлар ўртасида узумчилик ва ғалланинг янги навларини яратиш бўйича илмий лаборатория ҳамда қўшма магистратура йўналишларини ташкил этишга келишилди. Археология, ландшафт дизайни, энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича фикр алмашилди.

    Шунингдек, озиқ-овқат илмлари, «Эрасмус+» дастури бўйича қўшма лойиҳалар ишлаш, талабалар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Италиялик талабалар Самарқанд давлат университетига археология йўналишида тажриба алмашишга келиши учун шартномалар имзоланадиган бўлди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар