Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6168-сон Фармони ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2023 йил 4 октябрдаги 9-сон қарорига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2023 йилги навбатдаги 2-очиқ стипендия танловини эълон қилади.

    Мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришни мақсад қилган, креатив фикрлайдиган ёшлар, истеъдодли профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, педагоглар ва иқтисодиёт тармоқлари мутахассислари диққатига!

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 345 ўринга мўлжалланган 2023 йилги 2-очиқ стипендия танловини эълон қилади!

    Мазкур стипендия танлови учун ўринлар ажратилишда бугунги кунда мамлакатимизда анча танқис ҳисоблаган мутахассисликлар бўйича, жумладан архитектура ва дизайн, маданият ва санъат, психология, журналистика ва оммавий алоқалар (PR), туризм ва маданий меросни ўрганиш, геология, қишлоқ, ўрмон ва сув хўжалиги космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интеллект, атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, телемедицина, вирусология, фармацевтика ва биотехнология, электроэнергетика, нефть-газ, кимё, металлургия соҳаси ва бошқа устувор мутахассисликларга алоҳида эътибор қаратилди.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2023 йилда ажратилган жами 500 ўринли квотадан вакант қолган 345 ўринли 2-очиқ стипендия танловида 2023-2024 ўқув йили хорижда таълим олиш учун энг нуфузли хорижий давлатларда:

- бакалавриат таълим дастури учун 22 ўрин,

- магистратура таълим дастури учун 193 ўрин,

-докторантура таълим дастури учун 130 ўринга стипендиялар ажратишини маълум қилади.

    Агар Сиз юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат иқтисодиёти ва илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйган бўлсангиз – бу имконият айнан Сиз учун!

    Стипендия танловига номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йилнинг 10 октябридан 10 ноябрига қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.

    Номзодлар ҳужжатларни топшириш жараёнида бугунги кунда амалда бўлган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе), нуфузли университетларда ўқиётган номзодлар хорижда таълим олаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаларни юклашлари талаб этилади.

    Номзодлар томонидан тизимга юкланадиган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе) ёки маълумотномаларда таълим олишни бошлаш даври ва таълим оладиган мутахассислик номи аниқ кўрсатилиши лозим.

    Номзодлар томонидан нуфузли университетлардан ўқиш харажатлари бўйича грантлар (чегирмалар) мавжуд бўлган тақдирда мазкур маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни юклашлари шарт.

    Бакалавриат дастурида иштирок этадиган номзодлар мактабни, лицей ва коллежни тугатганлигини тасдиқловчи аттестат ва дипломлар билан иштирок этишлари талаб этилади.

    Мазкур танловдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали, хорижда таълим олишнинг бошқа харажатлари меъёрлари каби, ўқиш харажатларининг ҳам энг юқори миқдори белгиланганлигига эътибор беришингизни сўраймиз.

    Саралаш танлови жараёнларини ўтказиш, жумладан номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган қўшимча тест синовлари ҳамда назарий билим ва амалий кўникмалари даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказиш жорий йилнинг 15 ноябрдан 15 декабрга қадар давом этади.

    Танловга оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади. Номзодлар учун барча зарур маълумотлар Жамғарманинг Онлайн ҳужжат топшириш платформасида батафсил ёритиб берилган: http://admission.eyuf.uz. Қўшимча саволларга жавобларни (71 203 14 41, 71 203 00 47, 71 203 00 48, 71 203 00 53)  телефон рақами ёки Жамғарманинг https://t.me/EYUF_Admission_2023bot расмий бот канали орқали шунингдек, info@eyuf.uz электрон почта манзили орқали олиш мумкин.

    Бугунги кунда 504 нафар стипендиатларимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқдалар. Сиз ҳам шундай имкониятини қўлдан бой берманг!!!

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси юртимизнинг умиди, ишончи ва таянчи бўлган Сиз ёшларни ўз танловларида кутиб қолади!