Самарқанд давлат университети Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтининг иқтисодиёт таълим йўналишига 12 нафар хитойлик талабаликка қабул қилинди.

    Хитойлик талабалар билан СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов ва институт директори, доцент Шоҳрух Жўрақуловлар учрашиб, университет ҳақида батафсил маълумот берди.

    12 нафар талаба алоҳида гуруҳда СамДУ ва хитойлик профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитилади. Ўқишини муваффақиятли тамомлаган талабалар Самарқанд давлат университетининг дипломига эга бўлишади.

    Самарқанд давлат университетига алмашинув дастури доирасида маълум муддатга бир қатор чет эллик талабалар келишади, - дейди Акмал Ахатов. – Бу талабаларни шартнома асосида қабул қилдик. Самарқанд давлат университетида хорижлик йигит-қизларнинг ўқиши учун барча шароитлар яратилган. Чет тилини биладиган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилганмиз. Ушбу талабаларни халқаро дастур асосида ўқитамиз. Бугун хитойлик ота-оналар ҳам ташриф буюришган. СамДУ даги муҳит билан танишиб, яратилган шароитлардан мамнунлигини билдиришди.

    Самарқанд давлат университети талабаси бўлдим. Бу ердаги шароитларлар билан танишганимизда хитой тили ва маданияти маркази ҳамда Конфуций майдонинг борлиги мени эътиборимни тортди, - дейди хитойлик талаба Ҳоу Руифенг. – Биз ўқийдиган бинода ўзбек ва хитой маданиятини акс эттирувчи сурат ва рамзий белгиларни кўриб қувондим. Дарсларимиз инглиз тилида олиб борилади. Энг асосийси, ўқишимиз ва яшашимиз учун барча қулайликлар мавжуд.

    Беҳруз Шамсиддинов,

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати ходими,

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.