Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи кунларида ўзбекистонлик таниқли физиолог олим, Жаҳон физиологлар жамиятининг академиги Бакриддин Зариповнинг янги китоби АҚШ да чоп этилди.

    “Интеграл овқатланиш бўйича қўлланма” (“Интеграл Nutritional Guide”) китоби Нью-Йоркдаги “Vet-Vittels” компанияси президенти, биология фанлари доктори, Ҳарвард университети профессори, академик Эфроим Гурман билан ҳаммуаллифликда ёзилган бўлиб, у АҚШнинг “Xlibris” нашриёти томонидан инглиз тилида нашр қилинди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар нафақат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда, балки маданий-маърифий, илм-фан йўналишларида ҳам тобора мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далилидир. 

    “Интеграл овқатланиш бўйича қўлланма”ни тўғри овқатланиш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ғоялар энциклопедияси, дейиш мумкин. Зеро, содда тил, халқона услубда ёзилган китоб ҳар бир кишига тўғри овқатланиш орқали ҳаётдаги ўз мақсадларига эришиш учун энг яқин маслаҳатчи бўла олади. Чунки муаллифлар маълумотларни мураккаб илмий терминлардан имкон қадар қочиб, ўқувчиларнинг барча қатлами учун тушунарли бўлган усулда тақдим этишган. Шу боис янги асарнинг электрон ва босма нусхаларига бўлган талаб ҳозирданоқ ошиб кетди. Айни пайтда китоб АҚШ ва инглиз тилли давлатларда сотилаётган бўлса, бир қанча нашриётлар уни испан, португал, хитой тилларига таржима қилиш бўйича таклифларини беришмоқда. 

    Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, соғлом ва тўғри овқатланиш давримизнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семизликдан азият чекиши мумкин экан. 

    Физиолог олимлар янги асар орқали ушбу глобал муаммога соғлом турмуш тарзи орқали самарали ечим топиш мумкин, деган ғояни илгари суришмоқда. Шундан келиб чиқиб, соғлом ва тўғри овқатланиш бўйича янги тавсияларини беришади. Унга кўра, кундалик ёғ истеъмоли катталар рационидан жой олган маҳсулотлар умумий қувватининг 30 фоизидан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, шакар истеъмолини чеклаб, унинг ўрнини сифатли углеводлар истеъмол қилиш орқали тўлдириш мумкин. Инсон организми учун зарур углеводларни, биринчи навбатда, мева-сабзавот, дон ва дуккакли маҳсулотлардан олиши саломатлик учун кони фойдадир. Бунинг учун катталар кунига камида 400 грамм мева-сабзавот тановул қилиши тавсия этилади. 

    Муаллифларнинг таъкидлашича, озиқланиш барча тирик мавжудотларга тегишли бўлган мураккаб ҳодисадир. Шу боис у кўплаб мутахассислар томонидан ўрганилади. Бу борада чоп этилган аксарият китоблар илмий адабиётлар таснифига кирганлиги туфайли тор доирадаги мутахассислар эътиборини жалб қила олган, холос. 

    - Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, биз масалага бошқача ёндашдик, - дейди биология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори, академик Б. Зарипов. - Озиқланишнинг инсон физиологиясидаги аҳамияти ўрганилиб, тўғри овқатланиш ва унинг соғлиқни сақлашдаги ролини очиб беришга ҳаракат қилдик. Илмий хулосаларга таянган ҳолда, фойдали тавсиялар берилди. Зотан, тўғри овқатланилса, ҳар қандай таом инсон учун шифодир. Бунинг акси эса, таом қанчалик тансиқ бўлмасин, организм учун зиёндир. Биз “Интеграл овқатланиш бўйича қўлланма” ёки “Озиқланиш ҳақидаги ғоялар энциклопедияси” китобимиз билан соғлом овқатланиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. 

    Шу жиҳатдан олиб қараганда, ушбу китоб Ўзбекистонда аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида ҳаётга татбиқ қилинаётган “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати халқаро даражада қанот ёзишига катта туртки бўлади, десак, муболаға эмас. Сабаби, ундаги тавсиялар умуммиллий ҳаракат тартиб-таомилларига ҳамоҳанг бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиб қилинган. Бунинг ҳисобига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш мумкинлиги, ўз навбатида, зарарли одатлар ва носоғлом турмуш тарзининг зарарли оқибатлари кенг тушунтирилган. 

    Эътиборлиси, китоб муаллифларининг тавсиялари соғлом бўлиш учун қаттиқ парҳез қилиш керак, деган анъанавий қарашлардан анча узоқ бўлиб, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига одатланишга чақирилади. Бунинг саломатлик учун фойдали хусусиятларини илмий жиҳатдан очиб берилади. Хусусан, ёшга қараб овқатланиш, ташқи муҳитнинг овқатланишга таъсири, гормонлар орқали овқат ҳазмининг бошқарилиши, микробиома, космонавтлар ва астронавтларда индивидуал овқатланиш, мувофиқлаштирилган парҳез мавзулари қамраб олинган. Бундан ташқари, этник овқатлар ва унинг физиологик келиб чиқиш сабаблари, пазандалик, озиқ-овқат таркиби ва иштаҳа масалалари илмий тадқиқ қилиниб, бу борада ўта фойдали тавсия ва кўрсатмалар берилган.

    Шу маънода, Ўзбекистон ва АҚШ физиолог олимлари ҳамкорлигида яратилган “Интеграл овқатланиш бўйича қўлланма” китоби кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, ўз соғлиғига бефарқ бўлмаганлар учун энг муҳим қўлланмага айланади, деган умиддамиз.