Самарқанд давлат университетида касбий-ижодий имтиҳонлар давом этмоқда…

img

        Самарқанд давлат университети ранг-тасвир дастгоҳи кундузги таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

       Имтиҳоннинг биринчи босқичида абитуриентлар портрет чизишди. Бунда дастур бўйича белгиланган вақт икки соату қирқ дақиқани ташкил этади. Ҳар бир абитуриент учун дастгоҳ ва чизиш қуроллари мавжуд.

      Иккинчи босқичда абитуриентлар дастур асосида ижодий мавзуда ўзларининг композицион билимларини синовдан ўтказишади. Абитуриентга эркин мавзу берилади. Улар бу бўйича маҳоратларини намойиш этади.

      Ижодий имтиҳонни шаффофлигини таъминлаш учун Камолиддин Бекзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти профессори Aслидин Калонов, катта ўқитувчи Санъат Кенжаев, Фарғона давлат университети ўқитувчиси Иброҳим Йўлдошевлар таклиф этилган.

      -Ижодий  имтиҳонларда абитуриентлар учун барча  имкониятлар мужассам,- дейди комиссия раиси, профессор Aслидин Калонов. – Имтиҳон жараёнида кўриб турибмизки, иқтидорлилар талайгина. Ижодий имтиҳон натижалари бугуннинг ўзида эълон қилинади.   

      Касбий ижодий имтиҳонлар шунингдек, Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида кураш спорт таълими йўналишида ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда абитуриентлар турган жойида йиқилиш, ўнг, чап, орқага йиқилиш, елка, белдан, енги ва ёқасидан ошириб ташлаш усулларида ўз жисмоний маҳоратларини кўрсатишмоқда.

      -Ижодий имтиҳонда ота-оналарнинг вакили сифатида қатнашяпман, - дейди абитуриентнинг отаси Тўлқин Aноров.- Бу йилги жараёнлар ҳар йилгисидан мутлақо фарқ қилади, чунки текширувчилар, комиссия аъзолари бошқа олий таълим муассасидан. Мени қувонтиргани шуки, касбий ижодий имтиҳон топширган ҳар бир абитуриентнинг натижаси шу пайтнинг ўзида баҳоланиб, маълум қилинмоқда.

Беҳруз ШAМСИДДИНОВ,
СамДУ Ахборот хизмати ходими
Шавкат AКРАМОВ олган суратлар