Порей пиёзи ҳақида нималарни биламиз?

img

       Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети стажёр-тадқиқотчиси Ҳаёт Қурбонов “Порей пиёзи аҳамияти ва етиштириш технологияси” мавзусида тадқиқот олиб бормоқда.

      Порей пиёзида бошқа сабзавотларда йўқ бўлган хусусиятлар мавжуд:  сақлаш  даврида  оқ  қисмидаги  аскорбин кислотаси  миқдори  бир  ярим  бараварга  ортади.  Янги узилган  пиёзни  дастлаб  бир  ҳафта  совутгичда  сақлаб, кейин  ишлатилса,  С  витамини  миқдори янада ошиши  кузатилади. Озуқа  моддаларининг  асосий  қисми  порей  ҳосили  йиғиб олингандан  3-4  ойдан  кейин  тўплана  бошлайди. Порей пиёзининг ташқи кўриниши кенг баргли саримсоқ пиёзга ўхшаш бўлади. Унинг барглари текис ва устки қисми парафин қопланганга ўхшайди. Етилган пиёзда 9-13 дона барглар бўлади. Иккинчи йилда порей пиёзи гулпоя чиқаради ва у гуллаб, уруғ беради. Ушбу пиёз унча аччиқ бўлмаган таъм ва ёқимли хидга эга. Унинг кўкат барглари ва гулбаргларини овқатга ишлатса бўлади.

    Ҳаёт Қурбонов “Юмшоқ буғдойнинг қимматли хусусиятлари”, “Суғориладиган ерларда буғдойнинг занг касаллигига чидамли нав намуналарини танлаш”, “Буғдой селекция учун ётиб қолишга чидамли ва маҳсулдорлиги юқори бошланғич материални ўрганиш”, “Буғдойнинг касалликларга чидамли бошланғич материали” мавзуларда бир қатор илмий мақолалар чоп эттирган.

     -Порей пиёзи мамлакатимизга эндигина кириб келмоқда, жуда кам жойларда учратaмиз, бу ҳақида кўпчилик билмайди,- дейди Ҳаёт Қурбонов. –Мен Самарқанд давлат университети мева узумчилик ва сабзавотчилик кафедраси мудири Давлат Нормуродов илмий раҳбарлигида тадқиқот ишимни давом эттириб, порей пиёзини шифобахш хусусиятларини тўлиқ ўрганиб кенг оммага етказмоқчиман.

Беҳруз ШAМСИДДИНОВ,  
СамДУ Ахборот хизмати ходими
Шавкат AКРАМОВ олган суратлар