Мақсадимиз холислик , шаффофлик, адолат...

img

       Самарқанд давлат университетида вокал санъати: анъанавий хонандалик (кундузги) таълим йўналиши бўйича имтиҳонлар    икки босқичда олиб борилмоқда.  

        Биринчи босқичда   абитуриетларнинг анъанавий хонандалик бўйича билимларини: мақом, миллий мусиқа санъати, мусиқага овоз тонининг тушиши, овоз имкониятлари, бўлажак педагогик маҳоратлари синовдан ўтказилмоқда. Иккинчи босқичда  назарий билимлар баҳоланмоқда. Ижодий имтиҳонни холис, шаффоф ўтказиш учун Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтидан Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзматов, катта ўқитувчи Умид Эшонхўжаев ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти Барно Шоҳназаровалар таклиф этилган.

       -Имтиҳон жараёнида абитуриентларимиз учун барча имкониятлар яратилган, мен вокал ижрочилиги бўйича “Прёха”, “Гул юз ичра” асарларини куйладим,-дейди абитуриент Озода Раҳмонова. - Шаффофликни таъминлаш мақсадида имтиҳон олувчи ўқитувчилар бошқа олий таълим даргоҳларидан чақирилганлиги мени жуда қувонтирди.

       -Мен касбий-ижодий имтиҳонда  “Боғи Сарой” маҳалласидан вакил сифатида қатнашябман, имтиҳон жараёнида абитуриентларнинг баҳолари уларнинг кўз олдида адолатли  қўйилаётганига шахсан гувоҳман, - дейди Раъно Aзимова. - Aбитуриентларимиз бундан жуда мамнун.

       Касбий ижодий имтиҳонлар шунингдек, Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон - Финландия педагогика институти жисмоний маданият факультети (сиртқи таълим) йўналишида ҳам бўлиб ўтмоқда. Бунда абитуриентлар 100 ва 1000 метрга югуриш бўйича ўзларининг жисмоний тайёргарлигини синовдан ўтказмоқда.       

      -Бугун Самарқанд давлат университетида  ижодий имтиҳонларнинг тўртинчи куни. Ёшлар имтиҳонга ўзгача шижоат билан киришган,- дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси гуруҳи раҳбари, депутат Шоҳрух Aлибеков. – Ижодий имтиҳонларда маҳалла фаоллари, ИИБ, прокуратура, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари кузатуви сифатида қатнашмоқда. Бу жараёнларни холис ўтишини таъминлайди.

Беҳруз ШAМСИДДИНОВ,  
СамДУ Ахборот хизмати ходими
Шавкат AКРАМОВ олган суратлар