Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон-Венгрия ректорлар форуми бўлиб ўтди

img

Тошкентда 21 июнь куни бошланган Ўзбекистон-Венгрия ректорлар форуми 22 июнь куни Самарқанд давлат университетида давом этди.

Форумда Венгрия томонидан нуфузли делегация, Самарқанд ва атроф вилоятлардаги олий ўқув юртлари ректорлари, филиал директорлари иштирок этди.

Форумни Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов очди:

- Биринчи Ўзбекистон - Венгрия олий ўқув юртлари раҳбарлари форуми ва унинг иштирокчиларини Самарқанд давлат университетида кўриш менга катта мамнуният бағишлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий таълим соҳасини ислоҳ қилишда асосий эътиборни хориж тажрибасига қаратиш лозимлигини таъкидлаганди. Европа таълим стандартларини ўрганиш, таҳлил қилиш масалалари ҳам доимий эътибор марказимизда бўлиши зарур.

Таълим, фан ва техника ўртасидаги боғлиқлик бугунги олий таълим дунёсининг асосидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг СамДУни ривожлантириш тўғрисидаги қарорида университетда бир қатор филиалларни ва етакчи хорижий университетларнинг қўшма институтларини очиш ғояси илгари сурилган. Мазкур форум мана шу мақсадларга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.  

Ўйлайманки, нафақат дунёнинг етакчи университетлари билан рақобатлаша оладиган, балки тез суръатлар билан ўсиб борувчи ва ўзгарувчан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар эҳтиёжларини таъминлай оладиган олий ўқув юртларини барпо этиш истаги бугун барчамизни бирлаштиради...

Венгрия делегацияси раҳбари, Венгрия Дипломатик академияси ва “Stipendium Hungarium” дастури Давлат котиби, фан доктори Орсоё Пацаи-Томашич Венгрия олий таълим муассасаларининг бу форумдан кўплаб мақсадларни кўзда тутгани, бу икки тарафлама манфаатли бўлишини алоҳида таъкидлади.

Форум доирасида жами 7 меморандум имзоланиб, Самарқанд давлат университети Венгриянинг 6 университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Дебрецен, Лоранда Этвёш номидаги Будапешт, Земелвейс, Дунайварош, Шопрон, Сечени Иштван университетлари Самарқанд давлат университетининг янги ҳамкорларидир.

- Ўзбекистон мўътадил иқлими, меҳмондўст ва очиқ кўнгилли халқи билан бизда ижобий таассурот қолдирди, - дейди Земелвейс университети ректори доктор Бела Меркей. – Ўйлайманки, Самарқанд ўзининг қадимий илмий салоҳиятини бугун ҳам намоён этмоқда. Университетимиз Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, айниқса қадимий илм-маърифат маркази, Улуғбек олий мадрасаси вориси Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.

Эстер Лукаш, Сечени Иштван университети илмий ишлар бўйича проректори:

- Бугун форумнинг иккинчи куни ва биз Самарқанддамиз. Ректорлар форуми ўзбек-венгер ҳамкорлигини янада кенгайтиради. Икки тарафни ҳар жиҳатдан бир мақсад йўлида бирлаштиради. Шиддат билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва унинг таълим тизими бугун бутун дунё учун қизиқ. Хусусан, университетларда Болоня жараёнига эришиш муҳити тобора шаклланиб, тезлашиб бормоқда. Ўйлайманки, яқин йилларда Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини беради.

- Ўзбек ҳамда венгер тиллари қадим тарихдан бир оилага – Олтой тиллар оиласига мансуб, - дейди “Ипак йўли” туризм халқаро университети биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров. – Венгриялик олимлар ўз вақтида ўзбек тилига оид кўплаб илмий ишлар, изланишлар олиб боришган. Бу икки халқ тили ва маданиятининг бир-бирига яқинлигини англатади. Бугунги форум икки тарафлама ҳамкорликнинг янги, тарихий босқичини бошлаб беради.

Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати

Шавкат Акрамов олган суратлар