Е.Баба профессор, Сока университети президенти: (Япония)

img

Самарқанд давлат университети ташкил топганлигининг 600 йиллигига бағишланган тарихий конференцияда нутқ сўзлашим, мен учун жуда катта шараф бўлди. Улуғбек мадрасаси педагогик анъаналарини давом эттирилишига ҳисса қўшган барчани табриклашга рухсат бергайсизлар.

Японлар тарихни жуда қадрлашади. Тарих ҳурмат қилинса, келажак тараққий этишига ишонишади. Самарқанд давлат университетининг ёши Улуғбек олий мадрасаси билан тенглигига хеч қандай шак-шубҳа йўқ. Ахир Улуғбек ўзбек халқининг фахр-ифтихорику.

Ҳозирги эпидемик вазият туфайли биз Самарқанднинг юраги, Регистон майдонига, унда қад ростлаган Улуғбек мадрасасига ташриф буюра олмадик. Ўтган йили Сока университетига Самарқанд давлат университети проректори Мухтор Носиров, физика факультети декани Аҳмад Абсанов ҳамда профессор-ўқитувчилар ташриф буюришганди. Ҳозирда СамДУ билан ҳамкорлик шартномамиз мавжуд бўлиб, фаол ишламоқда.

Менинг Самарқанд давлат университетига ташрифим ва ректор Рустам Холмуродов билан ҳамкорлик шартномасини имзолашимиз бир умрга эсдан чиқмайдиган лаҳазалар бўлди.

Ўзбек ҳамкасбларимизнинг Самарқанд давлат университетининг энг яхши биноларидан бирида япон тилини ўрганиш марказини ташкил қилиш бўйича қарорлари менда жуда катта таассурот қолдирди. Ушбу марказда бизнинг университетимиз битирувчиси япон тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётганлиги университетларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мен ишонаманки, салоҳиятли ректор Рустам Холмуродов раҳбарлигида университет янада ривожланади.

Сока университети кампусида, Улуғбек мадрасасида ўқиган, Марказий Осиёнинг буюк шоири Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилган. Бу бизнинг талабаларимизга Марказий Осиёда етишиб чиққан буюк алломалар тўғрисида маълумот беради. Бу билан икки буюк маданиятнинг туташ жойларини кўрамиз ва Навоийнинг ҳайкали Сока университетида бўлиши биз учун жуда катта шараф, деб ҳисоблайман.

Сизларни яна бир бор Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги билан табриклайман. Мен Самарқанд давлат университетига жуда порлоқ келажак тилайман ва Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида бутун дунёга маърифат тарқатишига ишонаман.