Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган


Сохта ҳужжат ўқишни кўчиришда панд беради

img

Самарқанд давлат университетида қўшни давлатлар олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчираётган фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш ва талабаликка қабул қилиш ишлари давом этмоқда. Шу пайтгача СамДУга ўқишини кўчириш тавсия этилган жами 2939 нафар фуқаронинг салкам 550 нафарига талабаликка қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилган.

Ўқишини кўчираётган фуқароларнинг ҳақиқатан хорижий олий таълим муассасаларида ўқиганлигини аниқлаш мақсадида қўшни давлатлар олий таълим муассасаларига юборилган сўровнома-хатларга жавоблар келишда давом этмоқда. Шундай жавоб хатлари куни кеча Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университети ҳамда Россиянинг Тверь вилоятида жойлашган “Тадбиркорлик олий мактаби” хусусий олий таълим муассасасидан (Частное учреждение высшего образования «Высшая школа предпринимательства») олинди.

Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университетидан Самарқанд давлат университетига 88 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширган бўлиб, сўровнома-хатда уларнинг ҳақиқатан қўшни давлат олий таълим муассасасида ўқиётганлигини тасдиқлаб бериш сўралган эди. Мазкур ОТМдан келган жавоб хатида кўрсатилишича, 2020 йил 9 июль ҳолатига кўра, уларга юборилган рўйхатда кўрсатилган 88 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 33 нафари ҳақиқатдан ҳам мазкур университетда таҳсил олаётган талабалар ҳисобланади. Шунингдек, хатда уларнинг аксарияти қўшни давлатда масофавий таълим олаётгани ҳам кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари жавоб хатида Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги бўйруғига биноан, ушбу давлат олий таълим муассасаларининг биринчи босқичида ўқиётган хорижлик талабаларга фақатгина биринчи босқични тугатганларидан кейингина ўқишини кўчиришга рухсат берилиши таъкидланган. 2-4 босқич талабаларига эса, иккала ОТМ ректорларининг розилиги билан, фақатгина ёзги таътил пайтида ўқишини кўчиришга рухсат берилиши қайд этилган.

Тожикистон давлат педагогика университети рўйхатдаги қолган 55 нафар фуқаро ҳеч қачон мазкур университет талабалари сафига қабул қилинмаганликларини(!), яъни қўшни давлат олий таълим муассасасининг кундузги, сиртқи, масофавий таълим шаклларининг ҳеч бирида таҳсил олмаганликларини маълум қилган.

Россиянинг Тверь вилоятида жойлашган “Тадбиркорлик олий мактаби” хусусий олий таълим муассасасидан (Частное учреждение высшего образования «Высшая школа предпринимательства») олинган жавоб хатида 40 нафар фуқаронинг ҳужжатлари мазкур ОТМнинг Қозоғистондаги филиали орқали берилганлиги таъкидланган. Жавоб хатига мазкур таълим муассасининг Тверь вилояти таълим вазирлигида давлат аккредитациясидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома илова қилинган.

Ҳаммаси рисоладагидек эканку, дерсиз?! Унда бизга юборилган жавоб хатида хусусий олий таълим муассасаси деб ёзилгани ҳолда, гувоҳномада хусусий профессионал таълим муассасаси деб ёзилганига нима дейсиз? Устига-устак, мазкур таълим муассасасининг интернетдаги веб-саҳифасида унинг бошқа жойларда таркибий бўлинмалари – филиаллари йўқлиги қайд этилган (https://institute.vshp.online/sveden/common). Эслатиб ўтамиз, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан республикамиз ОТМларига ўқишини кўчиришга рухсат берилган фуқароларни талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиришда қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмаслиги белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, қўшни давлатда ростдан ҳам ўқиётган фуқаролар, ўз ҳужжатларининг ҳақиқий эканлигига ишончлари комиллиги туфайли, сабр ва ишонч билан талабаликка қабул қилинишларини кутаётган бўлсалар, айнан қалбаки ҳужжат эгалари карантин чоғидаги шошилинч қарорлар ва ола-ғовурдан фойдаланиб, ўз мақсадларига етишга уринмоқдалар.

Самарқанд давлат университетида хориждан ўқишини кўчираётганларни талабаликка қабул қилишда шу каби ҳолатлар синчиклаб ўрганиб чиқилганидан сўнггина қарор чиқарилади. Ҳужжатларида камчилик аниқланмаган фуқароларгина талабалар сафига қабул қилинади.

СамДУ маъмурияти