Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган


Ҳужжати ҳақиқий фуқаро қўшни давлатдан бемалол ўқишини кўчира олади

img

Шу кунларда Самарқанд давлат университетида ҳам қўшни давлатлар олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчираётган фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш ва талабаликка қабул қилиш ишлари давом этмоқда. Жами 2939 нафар фуқаронинг ўқишини СамДУга кўчиришга тавсия этилган бўлиб, ҳозиргача уларнинг ҳақиқатда хорижий олий таълим муассасасида ўқиганлигини аниқлаш мақсадида университет томонидан қўшни давлатларнинг 40 дан зиёд олий таълим муассасаларига сўров хатлари юборилган. Шундай сўровномаларга олинган жавоблар натижасига кўра, бугунгача 262 нафар фуқарони талабаликка қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилган. 

Ўқишини кўчираётган фуқаронинг юртимиздаги олий таълим муассасасига талабликка қабул қилиш шартлари нималардан иборат?

Агар фуқаро қўшни давлатдан республикамиздаги ОТМга ўқишини кўчираётган бўлса, камида бир семестр мобайнида мазкур давлатнинг муайян олий таълим муассасида узлуксиз ҳолда таҳсил олган бўлиши, шунингдек, кўчирилаётган таълим йўналишига мазмунан мос (турдош) таълим йўналишида тўлиқ ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши керак, холос.

Бундан ташқари, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан республикамиз ОТМларига ўқишини кўчиришга рухсат берилган фуқароларни талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиришда қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмаслиги белгилаб қўйилган. Яна шунга қўшимча равишда юқори идораларнинг кўрсатмасига биноан, қўшни давлат олий таълим муассасасига юборилган сўровнома натижасига кўра у ерда ўқимаганлиги ёки қалбаки ҳужжатлари мавжудлиги аниқланган фуқароларга рад жавоби берилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, СамДУ хориждан ўқишини кўчираётганларни талабаликка қабул қилиш ишларида бошқа университетлардан андоза кўчирмайди. Амалдаги тартиб-қоида – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғига кўра, қўшни давлатлар олий таълим муассасасига юборилган сўровномага олинган жавоб хатлари ҳамда тегишли идораларнинг ўқишини кўчираётган фуқаронинг ўша давлатга қанча муддатга бориб келганлигини тасдиқловчи маълумотларига таяниб иш тутади.

Самарқанд давлат университетида ўқишни кўчириш бўйича ишларнинг чўзилганлиги асло кимдандир таъмагирлик қилиш мақсадида атайлаб қилинаётган жараён  эмас. Ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш муайян вақтни талаб қилади. Айрим хорижий олий таълим муассасаларига уч марталаб хатлар юборилган. Баъзиларидан хат келмаслигининг сабаби аслида фуқаронинг ўша университетда ўқимаганлиги билан изоҳланмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи бир талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар сохта бўлиб чиқмоқда. Яъни, “қўшни давлатда ўқиб қайтдим” деб ҳужжат топширган баъзи фуқароларнинг умуман ўқимагани ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундан ташқари, паспортида ўзи ўқиган давлатга чегара постидан ўтганлиги ва мамлакатимизга қайтиб келганлиги тўғрисида муҳр урилмаган шахслар ҳам аниқланмоқда.

Шу сабабли, қўшни мамлакатларда таълим олаётганини иддао қилаётганлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар синчковлик билан кўздан кечирилмоқда. Аниқки, бу жараён бироз вақт талаб этади. Ҳужжатларида камчилик аниқланмаган фуқаролар талабалар сафига ҳеч қандай истисносиз қабул қилинади.

Самарқанд давлат университетига шу масалада мурожаат қилган фуқаролар ёки уларнинг ота-оналарига мазкур тартиб-қоидалар эринмасдан тушунтирилмоқда.

Шу маънода биз хорижий давлат олий таълим муассасаларини айблашдан бутунлай йироқмиз. Аммо, юборилган сўровномаларга жавоб келиши кечикаётгани бор гап. Лекин, ишонтириб айта оламизки, ўқишида, ҳужжатларида муаммоси йўқ фуқароларнинг барчаси талабаликка сўзсиз қабул қилинади.

Шу ўринда қўшни давлатларга ўқишга бориш истагидаги ёшларимизни, уларнинг ота-оналарини огоҳлантириб қўймоқчи эдик:

Ҳозирда хориждаги ёки қўшни давлатлардаги “биз нодавлат олий таълим муассасасасимиз” деб ўзининг олий таълим бўйича дастурларини тақдим этаётган ташкилотлар кўпайиб кетди. Осонгина олий маълумотли бўлишни жозибадор реклама усуллари орқали таклиф этаётган ёки шу масалада бир зумда ҳожатингизни чиқаришга, келгуси йилда фарзандингизнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга ёрдам бера олишини ваъда қилаётган шахсларнинг таклифларига алданиб қолманг!

Огоҳ бўлинг!

Самарқанд Давлат университети маъмурияти