Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган


Самарқанд Давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси

img

Мар­казий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг қадимий бешиги сифатида мавжуд бўлиб келган. Бу ҳақда исломга қадар мавжуд манбаларда ҳам маълумотлар келтирилади. Жумладан, Авестода ҳам маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия хусусида ўз даври учун илғор ғоялар илгари сурилган. Шу билан бирга энг қадимги даврларданоқ  оромий, суғдий, туркий, паҳлавий, хоразмий, сурёний, бохтарий, уйғур, хўтаний каби ёзувларда астрономия, тиббиёт, ҳуқуқ, динга бағишланган асарлар яратилган ва бу илмий мерос кейинги даврлардаги кучли тамаддун учун асос бўлиб хизмат қилган.

Шу билан бирга Ўзбекистон ҳудудлари тарихан Буюк Ипак Йўлининг маркази ва унинг турли тармоқлари кесишган нуқтада жойлашгани учун Шарқ ва жаҳоннинг турли  мамлакатларидан диний ва дунёвий билим олиш истагидаги инсонлар Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона каби кўҳна маданият марказларига интилганликлари тарихий ҳақиқат. Имом Бухорий, Имом Мотирудий, Баҳовуддин Нақшбанд сингари мутафаккирларнинг, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Ибн Сино, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби қомусий олимларнинг илмий-фалсафий қарашлари ҳамда  бебаҳо илмий мерослари мадраса таълими асосида яратилгани, мадрасалар ўз даврида дунё фани, маданияти ва маънавиятига олим ва фузалолар етиштириб берган таълим ва билим маскани бўлгани маълум.

Шу сабабли Марказий Осиёда қадимги даврлардан фаолият юритган билим масканлари – мадрасалар ўз даврининг олий таълим муассасаси, яъни, университетлари мақомида бўлган, дейиш мумкин. Тарихий манбаларда қайд этилишича, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса фаолият юритган. Булар орасида олий мадраса мақомига эга мадрасалар ҳам бўлган.

Темур ва Темурийлар Ренессанси даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда, хусусан, пойтахт Самарқандда фан ва маданиятнинг мисли кўрилмаган тарзда юксалиши бу даврда мамлакатнинг йирик шаҳарларида олий мадрасалар қурилгани, бу таълим масканларида етук алломалар ва мударрислар фаолият кўрсатгани билан боғлиқ. Айниқса, 1420 йилда Мирзо Улуғбек таъсис этган мадраса ўзининг кўлами, салоҳияти ва олий мақоми билан Шарқда жуда тез шуҳрат қозонди. Бу мадраса бошқа олий мадрасалардан бу даргоҳда дунёвий, айниқса, аниқ  фанларнинг ўқитилиши ва шу йўналишларда олиб борилган тадқиқотлар кўламининг кенглиги ва оламшумуллиги, илмий-педагогик кадрларнинг юксак илми ва маҳорати билан тубдан фарқ қилар эди. Мирзо Улуғбек қурдирган олий мадраса  ва унинг қошида барпо этилган расадхона меъморий бетакрорлиги ва нодирлиги, деворида ва пештоқида акс этган етти иқлим харитаси ва юлдузли осмон чизилган бу иншоотлар ҳақли равишда ўрта асрлардаги Самарқанд мадрасаларининг рамзига айланди.

Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида келтирилишича, Мирзо Улуғбек мадрасасида Клавдий Птоломейнинг “Ал-Мажастий” (“Альмагест” астрономия фани ютуқларига бағишланган) асари бўйича илк дарсни 1420 йил 21 сентябрда машҳур олим Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўтган. Худди шу кунни, мадрасаи олияда мадраса фаолиятининг бошланиш санаси, деб ҳисоблаш ўринлидир.

Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр темурийлар салтанатини бошқарган қарийб 40 йиллик давр мобайнида  унинг Самарқанд, Бухоро, Ғиждувондаги мадра­саларидан ва мамлакатнинг бошқа мадрасаларидан етишиб чиққан олимларнинг катта илмий мактаби шаклланди. Улуғбек яратган илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. Айниқса, мадрасада астрономия, математика, геометрия фанларига бағишланган бир қатор қўлланмалар яра­тилган. Мирзо Улуғбек мадра­сасидаги илм-фан Марказий Осиёлик машҳур олимлар, дунё илм-фани ривожига таъсир кўрсатган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди.

Таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё минтақасидаги буюк тамаддунлар бир-бирининг мантиқий давоми сифатида ўртага чиққан, бу цивилизацияларнинг жон томирлари бўлган мадрасалар тизими ҳам даврлар оша ривожланиб ва такомиллашиб келган. Шу маънода Самарқанд Давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг таъсис этилиш санасига бориб тақалади. Бу эса Самарқанд Давлат университети Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олиянинг бевосита давомчиси, деб хулоса чиқаришга асос бўлади. Чунки Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолияти Самарқанд давлат университети ташкил топгунга қадар узвий давом этган, 1868 йил маълумотларига кўра, Мирзо Улуғбек мадрасасида барча 24 та ҳужра фаолият кўрсатган бўлиб, уларда 48 нафар талаба яшаган бўлса, XX аср бошларига келиб эса талабалар сони 108 нафарга етган.

Улуғбек мадрасаси кейинги даврда – то ХХ аср бошларигача минтақанинг энг қадимий ва эътиборли олий таълим маскани сифатида бу ердаги халқларнинг таълимий, маънавий-маърифий эҳтиёжини қондириб келди. Бу мадрасани битирган мутахассислар Марказий Осиё минтақасидаги тамаддуннинг тарихдаги энг оғир кунларида ҳам оёқда қолишига кўмаклашди.  

XX аср бошида собиқ Совет ҳукумати Самарқанднинг қадимги илмий ва маданий салоҳияти, мадраса таълими асосида шаклланган маърифатпарварлар, зиёлиларнинг таклифларини эътиборга олиб, ўша вақтда республика пойтахти бўлган 1920 йили Самарқандда икки йиллик педагогик йўналишдаги олий ўқув юртини очиш ҳақида қарор қабул қилади. Янги билим масканлари Самарқанд мадрасалари, хусусан, Улуғбек мадрасаси талабаларини ҳам қамраб олди. Шу билан Самарқанд давлат университетининг янги мақомда шаклланишига дастлабки асос яратилди.

1927 йили бу ўқув муассасаси Самарқанд педагогика академиясига айланди. 1930 йилда эса ушбу ўқув даргоҳи Ўзбекистон педагогика институти, ниҳоят 1933 йили Ўзбек Давлат университети мақомини олди. 1941 йилда буюк ўзбек мутафаккири таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан университетга Алишер Навоий номи берилди. 1960 йилдан 2016 йилгача бу дорилфунун Алишер Навоийнинг қутлуғ номи билан аталиб келди. Унинг дастлабки профессор-ўқитувчилари таркибида юртимизнинг, Самарқанд ва Бухоро олий мадрасаларини битирган педагоглар Абдурауф Фитрат, Ҳожи Муин Шукуруллаев, Ғози Олим Юнусов, Пўлат Солиев, Мирзожон Саиджонов ва бошқалар дарс берганлар.

Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳаларида  амалга оширилаётган ислоҳотлар Самарқанд Давлат университети тақдирида ҳам ғоят муҳим ҳаётбахш ўзгаришларни вужудга келтирди. Дунё таълим тизимининг илғор технологияларини ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш билан биргаликда, бу қутлуғ масканда маънавий-маърифий, илмий-педагогик соҳаларда шонли анъаналар давом эттирилмоқда ва улар Самарқандда замонавий университет моделининг яратилишига  хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда таълим тизими шаклланиши ва ривожланишини ўша даврлардаги мадраса – таълим муассасалари тарихи билан боғлаш давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида олиб бораётган ислоҳотларининг юксак намунаси бўлиб, у ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда илмий-маданий меросимизга фахр-ифтихор руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Самарқанд Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш масаласини ўрганиб чиқиш ҳам тарихий ҳақиқатнинг тикланиши ва ворисийликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Хулоса шуки, Самарқанд Давлат университетининг ёшини 600 йил этиб белгилаш ҳамда бу санани 2020 йил 21 сентябрда нишонлаш билан Ўзбекистон таълим тизимининг қадимий эканлиги эътироф этилади.