Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


ЎЗБЕКИСТОН ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИНИ МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ЮКСАК МУКОФОТИ ВА ТАВАЛЛУДИНИНГ 75 ЙИЛЛИГИ БИЛАН ҚУТЛАЙМИЗ!

img

Самарқанд давлат университети жамоаси, йирик  физик олим, ядро физикасининг билимдони, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, фанлар академияси президенти Йўлдошев Беҳзод Содиқовични шонли 75 йиллик юбилейи билан қутлайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан, мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, фан-техника тараққиётини юксалтиришдаги самарали меҳнати, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Йўлдошев Беҳзод Содиқович “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени билан мукофотланди.

Академик Б.Йўлдошевнинг кўп йиллар давомида самарали меҳнатларини, ҳар бир масалага жиддий ва астойдил ёндашиши, мамлакатимиз равнақи йўлида хизматларини доимо эътироф этамиз ва юксак мукофот билан самимий табриклаймиз.

Сизни мамлакатимиз ва жаҳон физика фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган таниқли олим, физика фани соҳасида янги йўналиш ва катта илмий мактаб асосчиси сифатида ҳам яхши биламиз.

Сизнинг раҳбарлигингизда элементар зарралар физикаси, ядро физикаси соҳаси ривожланди, жаҳон стандартларига мос келувчи радиоизотопларни кенг кўламда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, маҳаллий тоғ-кон саноати чиқиндиларидан асл ва нодир металларни қўшимча равишда ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланиш йўлга қўйилди.

Хусусан, Самарқанд давлат университети учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасида қилган хизматларингиз алоҳида таҳсинга сазовор. Узоқ йиллар давомида университетнинг илмий ходимлари ва талабаларига “Элементар зарралар физикаси” ва “Юқори энергиялар физикаси” махсус фанларидан рус, инглиз ва ўзбек тилларида сабоқ берилишига, шунингдек, кафедрада “Юқори энергиялар физикаси” йўналиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилишида, бу соҳада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда катта ёрдам кўрсатиб келмоқдасиз.

Ҳурматли Беҳзод Содиқович! Сизнинг республика ва дунё илм-фани тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссангизни, Ўзбекистонда ядро энергетикаси истиқболлари бўйича олиб бораётган ташаббусларингизни Самарқанд давлат университети жамоаси юксак қадрлайди ҳамда Сизга мустаҳкам соғлиқ, ишларингизга катта муваффақиятлар тилайди.

  Самарқанд давлат университети жамоаси