Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


“Talaba.uz” телеграмм каналида тармоққа жойлаштирилган “O'qishni qo'shni davlatdan perevod qilayotgan talabalarning ota-onalari Samarqand davlat universitetida sarsonlikda..” сарлавҳали видеотасвирли хабарга РАДДИЯ

img

“Talaba.uz” телеграмм каналида 2020 йил, 4-март куни тармоққа жойлаштирилган видеотасвирга университет жамоаси қуйидагича муносабат билдиради:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 6 февралдаги 92-сонли “Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш тўғрисида”ги буйруғи билан Самарқанд вилояти ҳудудида аризаларни қабул қилиш бўйича Самарқанд давлат чет тиллар институтида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалардан ҳужжатларни 2020 йил 7 февралдан бошлаб, ҳар куни (якшанба кунидан ташқари) соат 9.00дан 17.00 гача аризалар қабул қилинмоқда.

Самарқанд давлат университети ишчи гуруҳи томонидан аризаларни қабул қилиш жараёнида талабалардан суҳбат олиб борилмоқда. Суҳбатда талабаларнинг ҳақиқатдан ҳам кўрсатилган қўшни давлатнинг олий таълим муассасаларида ўқиганлиги, бориб-келганлиги (яшаганлиги), ҳужжатларнинг сохта эмаслиги ва паспортдаги чегара белгилари кўздан кечирилмоқда.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 3-мартдаги “Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчиришга оид ташкилий масалалар тўғрисида”ги 156-сонли буйруғида:

  • қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида камида бир семестр мобайнида ўқишини давом эттирмасдан, бошқа давлатларнинг (хусусан, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар) олий таълим муассасаларидан ўқишини ўқув йилининг ярмида кўчириб ўтган талабаларнинг ўқиши республика олий таълим муассасаларига кўчирилмаслиги;
  • қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмаслиги;
  • фуқароларнинг қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида камида охирги бир семестрда ўқиши республика олий таълим муассасаларига кўчирилаётган таълим йўналишига мос (турдош) таълим йўналишда тўлиқ ўқиган бўлиши шартлиги;
  • қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларига ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини кўчиришига рухсат этилмаслиги белгиланган.

         Самарқанд давлат университети проректори А.С.Солеев қабулига  04.03.2020 йил, соат 11.00 лар атрофида қўшни давлатлардан ўқишини кўчирмоқчи бўлган, лекин ҳужжатларида камчиликлар мавжуд бўлган фуқаролар мурожаат қилишган. Вазирликнинг юқоридаги буйруғидаги шартлар проректор А.Солеев томонидан тушунтирилган. Лекин, улар проректор қабулхонасига тўпланиб, проректорнинг эшикдан чиқишини пойлаб, проректор эшикдан чиқиши билан олдиндан режалаштирилган саҳна асосида жараённи қўл телефони камерасига тушуриб, вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишган. Қайсидир фуқаро шахсий саволи борлигини айтиб, проректор қабулига яна кирмоқчи бўлган. Лекин, фуқарога проректорнинг қабул кунлари ҳақида тушунтириш  берилган. 

         Фуқароларга проректор қабулхонасидаги университет ходимлари томонидан, Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги ишчи гуруҳга мурожаат қилишлари, улар томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилиши ва суҳбат ўтказилиши бўйича маълумотлар берилган.

         Ушбу жараён видеотасвирини тармоққа жойлаштиришдан олдин мурожаатчиларнинг шахсга тегувчи қўпол сўзларини тушуриб қолдириш орқали қайта (монтаж қилиб) ишлаб, тармоққа жойлаштирган “Talaba.uz” телеграмм канали вазиятга бир томонлама баҳо бериши билан олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.

 

                                                                           СамДУ матбуот хизмати