Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ОЛИЙ МАЖЛИСГА МУРОЖААТНОМАСИ

img

Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар!

Азиз юртдошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўймоқда. Эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Яқинда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди.

Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этди. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилдик.

Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.

Барча халқаро кузатувчиларга сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва тавсиялари учун бутун халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

Биз албатта ушбу тавсияларнинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, тегишли дастур қабул қилиб, амалиётга кенг жорий этамиз. Бу борада сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир.

Шу билан бир қаторда, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Парламент ва Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари бўйича режалаштирилган вазифаларни амалга ошириш учун яқин ҳамкорликда иш олиб бориши зарур бўлади.

Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда.

Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим.

Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак. Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур. Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди.

Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.

Мен бунга қатъий ишонаман ва бу фикрни сизлар ҳам қўллаб-қувватлайсизлар, деб ўйлайман.

Ҳурматли қўшма мажлис иштирокчилари!

Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да салмоқли натижаларга эришдик. Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.

Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан – мана шу рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.

Энергетика, нефть-газ, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа қатор тармоқларда чуқур таркибий ислоҳотлар бошланди. Саноатнинг 12 та етакчи тармоғида модернизациялаш ва рақобатдошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда. Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт – 28 фоизга кўпайди. Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.

Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишларимиз давом этмоқда. Соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этилмоқда.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди. Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, албатта, уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун жуда катта қўшимча имкониятлар яратади.

Ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик.

Шунингдек, 86 та давлат фуқароларига визасиз ва 57 та давлат фуқароларига соддалаштирилган виза режими жорий этилиши натижасида ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2016 йилга нисбатан 4,7 миллион нафарга ёки 3,3 баробар кўп демакдир.

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди.

2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори 2 баробар кўпайтирилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.

Қишлоқ жойларда – 17 минг 100 та, шаҳарларда – 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди.

Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди. Бундай баҳо барчамизга чексиз ғурур, ифтихор ва куч бағишлайди, янги марраларга руҳлантиради, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайсизлар.

Азиз ватандошлар!

Ўтган йили амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Биринчидан, барча даражадаги раҳбарлар, эришилган дастлабки ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмаслиги керак.

Янги Парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.

Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур. Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқеи тушиб кетади. Чунки бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Халқимиз ҳаммадан зийрак ва улуғдир.

Иккинчидан, бошқарув тизими сифатини оширишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади.

Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилади.

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилади.

Ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади. Шунда мен ҳам нафақат Президент, балки оддий сайловчи сифатида сизлардан жуда миннатдор бўлар эдим.

Учинчидан, биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.

Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.

Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Юртимиз “Халқаро ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жуда ҳам орқадамиз. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат.

Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.

Қадрли юртдошлар!

Ҳурматли халқ ноиблари!

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида мен юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этаман.

Биз 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим. Хусусан, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказишимиз зарур. Ушбу мақсадларга шу йилнинг ўзида бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилади.

Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади.

2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этамиз.

Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур.

2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 та таянч мактаб белгиланиб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчининг малакаси оширилади.

Жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз.

Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтирамиз, десам, сизлар бу фикрга қандай қарайсиз?

Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиши керак.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ҳам оптималлаштириш зарур. Биз бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратишимиз зарур. Мисол учун, она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш лозим. Ёшлар исталган вақтда имтиҳон топшириб, тегишли гувоҳнома олса, олий ўқув юртига ўқишга кираётган пайтда она тили бўйича қайта синовдан ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди.

Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади.

Олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилади. Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.

Бу ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттирамиз.

Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади. Бундан ташқари, камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилишни бошлаймиз.

Мамлакатимиз учун илм-фан соҳасидаги устувор йўналишларни аниқ белгилаб олишимиз керак. Ҳеч бир давлат илм-фаннинг барча соҳаларини бирйўла тараққий эттира олмайди. Шунинг учун биз ҳам ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш тарафдоримиз.

Жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.

Илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозим. Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт.

Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.

Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш лозим. Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак.

Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим. Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш зарур.

Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган “IT-парк” барпо этилмоқда. У ҳозирданоқ ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Бундай “IT-парк”лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилади.

Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда “1 миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Шунингдек, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши шарт.

Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олиб, яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор Интернет билан таъминлашимиз керак.

Ҳозирги кунгача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги Интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор Интернетга уланади. Бу вазифаларни кўзда тутган ҳолда, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш лозим.

Келгусида бу ишларни тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиши учун ҳукуматда – Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса – алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади.

Парламент илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориши лозим.

Ҳурматли парламент аъзолари!

Энди 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан, 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш – иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифамиздир.

Биз шу йилдан бошлаб инфляциявий таргетлаш тизимини жорий қилишга ўтдик. Бу борада Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги иқтисодий ўсиш билан инфляция ўртасида мувозанатни таъминлаши, ташқи хавф-хатарларни ҳисобга олиши зарур.

Давлат томонидан 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархининг тартибга солинаётгани эркин рақобатга салбий таъсир қилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, энди асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратишимиз керак.

Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилади.

Истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли – мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда “даладан дўконгача” бўлган узлуксиз занжирни яратишдир. Ҳукумат барча даражадаги ҳокимликлар билан ушбу вазифа ижросини тўлиқ таъминлаши керак.

Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш зарур.

Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади.

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, “Давлат молиявий назорати тўғрисида” ва “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин.

Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, “яширин иқтисодиёт”нинг вужудга келиш омилларини чуқур таҳлил қилиб, унга қарши курашиш дастурини тасдиқласин.

Шунингдек, “яширин иқтисодиёт” улуши юқори бўлган алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш учун товарларни рақамли маркировка қилиш тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Бу тизим келгусида фармацевтика маҳсулотлари учун ҳам қўлланилади. Вазирлар Маҳкамаси қиймати 200 миллион доллар бўлган, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган ушбу “рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳасини алоҳида назоратга олсин.

Иккинчидан, иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарур.

Жорий йилда 23 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилади ҳамда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилади. Жумладан, Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюқ ёқилғи, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Янги Тошкент металлургия заводи, Тошкент метросининг Сирғали тармоғи, ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилади.

2020 йилда ўзлаштириладиган инвестицияларнинг салмоқли қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар бўлишини алоҳида қайд этмоқчиман. Инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, инфратузилма яратиш харажатларини қисман давлат томонидан қоплаш механизмлари жорий этилмоқда.

Шунингдек, фойда солиғини ҳисоблашда янги технологик ускуналар харид қилиш, янги объектларни қуриш ва модернизация қилиш харажатлари бўйича чегирмалар кенгайтирилди.

Мавжуд 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналарни хатловдан ўтказиб, хусусий сектор ва рақобат ривожланган йўналишлардаги корхоналарда давлат иштирокини кескин камайтириш чораларини кўриш керак.

Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари каби йирик саноат корхоналарида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, ушбу корхоналарни халқаро молия бозорининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш лозим. Бунинг учун 2020 йилда халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисоботларни тузиш, захираларни қайта ҳисоблаш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш каби ишларни якунлаш зарур.

Нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналарини бошқаришга хорижий экспертларни жалб этиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва харажатларини оптималлаштириш, қарз миқдорини камайтиришга эришиш лозим.

Вазирлар Маҳкамаси ана шу вазифаларни тўлиқ ҳисобга олиб, икки ой муддатда Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ этиш стратегиясини ишлаб чиқсин.

Хорижий инвесторларни фаол жалб этиш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент халқаро инвестиция форумини юқори савияда ўтказиш зарур.

Инвестиция жалб этишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.

Ҳозирги вақтда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ларидан бирига айланди. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди. Ушбу тармоқни янада ривожлантириш учун қурилишга оид нормаларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, замонавий қурилиш технологиялари ва материалларини татбиқ этиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Шунингдек, тендерлар ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш керак.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин.

Учинчидан, банк тизимини ривожлантириш учун бу йил кескин чоралар кўришимиз лозим.

Афсуски, банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолмоқда.

2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади. Бу борада банкларимизнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш алоҳида эътиборимиз марказида бўлади.

Банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган “лойиҳалар фабрикаси” фаолиятини йўлга қўйишимиз лозим.

Банкларимиз халқаро молия бозорларига чиқиб, арзон ва узоқ муддатли ресурслар олиб келиши зарур. Миллий банк ва Ипотека банк бу йил ўз евробондларини чиқариши мақсадга мувофиқдир.

Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади.

Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини мижоз учун ишлашга ўргатишдан иборат.

Соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш мақсадида Банк-молия академияси хорижий мутахассислар билан биргаликда тўлиқ қайта ташкил этилади. Шунингдек, давлат банкларида замонавий банк амалиёти, менежменти ва хизматларини жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига хорижий етакчи молия институтларининг малакали мутахассисларини жалб этиш бошланди ва бу жараён изчил давом этади.

Банкларда ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали уларнинг дастурий таъминотини тубдан янгилаш лозим. Шу йил 1 июлга қадар “кредит тарихи” ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш зарур.

Аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйиш керак.

Тўртинчидан, барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.

Бу йил экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари йўлга қўйилади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади.

Ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш зарур. Жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозим.

2020 йилда 3 мингга яқин стандартларни қабул қилиш, уларнинг сонини 10 мингтага ва халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражасини 40 фоизга етказиш даркор. Андижон, Термиз ва Қўнғирот туманларида эркин савдо зоналарини ташкил этиб, улар орқали чегараолди савдосини ривожлантириш зарур.

Харидоргир маҳсулотлар турларини аниқлаш, уларга бозор топиш ва сотиш билан хусусий трейдинг компаниялари шуғулланиши, бунинг учун эса, савдо фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари тўпламини ишлаб чиқиш лозим. Бу ташқи савдо билан бир қаторда, ички бозорга ҳам тегишли.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли қарорларни тайёрласин.

Маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур.

Темир йўл соҳасида йўловчи ва юк ташиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни бир-биридан ажратиш, яъни, табиий монополия қисмини алоҳида, хусусий секторни жалб қилиш мумкин бўлган йўналишларни алоҳида ривожлантириш лозим.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан бизда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак. Бунинг учун бозор иқтисодиёти ва давр талабларига мос кўплаб қонун ва қарорларни қабул қиляпмиз. Лекин, афсуски, уларни ижро этадиган кўпгина амалдорлар ҳали ҳам эскича иш услуби, расмиятчилик ва бефарқликдан қутулгани йўқ.

Очиқ бозор маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради. Содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш тизимига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим. Мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш учун тармоқ раҳбарлари ўз устида тинимсиз ишлаши шарт.

Мана, нима учун бизга иқтисодий интеграция керак!

Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади. Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.

Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз.

Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин.

Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни янада кучайтирамиз.

Бешинчидан, саноат тармоқларини узлуксиз хомашё ва замонавий инфратузилма билан таъминлаш зарур.

Иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозим. Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Давлат геология қўмитаси олдига ушбу маблағларни самарали ишлатиш орқали шу йилда янги истиқболли майдонлар ва конларни аниқлашни 35 фоизга, келгуси йилда эса 40 фоизга ошириш вазифаси қўйилади.

Давлат геология қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга камида 20 та кон бўйича тайёр лойиҳалар тўпламини шакллантириб, салоҳиятли инвесторларга таклиф этиши лозим. Шунингдек, Қўмита углеводородлар ва уларнинг захиралари бўйича ҳисоб-китоб юритиш, тоифага ажратиш ва бошқаришнин