Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz

Ақидапарастликка йўл йўқ

img

Рус филологияси факультетида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда талабаларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш ҳамда миссионерлик фаолиятининг олдини олишга қаратилган "Дин, ақидапарастлик ва таҳдид" мавзуидаги тадбир бўлиб ўтди.

Диний ақидапарастликка қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшларда мафкуравий соғлом иммунитетни кучайтириш, бу соҳада жамоатчилик иштирокини янада фаоллаштиришга бағишлаб ўтказилган тадбирда бу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда иштирок этган "Руҳобод" масжиди имом-хатиби Тўлқин Амиров ёшларни ўз ёвуз ниятлари ортидан эргаштиришга уринаётган кучлар ва уларнинг асл мақсади ҳақида талабаларга батафсил маълумот бериб, тарбиявий, тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Айрим мамлакатларда содир этилаётган терроризм ҳаракатлари, турли гуруҳларнинг интернет тармоғи орқали тарқатаётган мафкуравий хуружи ҳар қандай соғлом фикрли кишини ташвишга солади. Бундай хавфли хуружлардан аҳоли, айниқса, ёшларни огоҳ этишга бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар университетда йил давомида доимий ўтказиб келинмоқда. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирок этаётган бундай тадбирларда турли ёт кучларнинг дин ниқоби остида амалга ошираётган ёвузликлари кенг тушунтирилмоқда. Аниқ мисоллар асосидаги суҳбатлар, видеофилмлардан фойдаланилаётгани тарғибот ишлари таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда.