Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган


Ўқишни қалбаки ҳужжат билан кўчиришга уринманг!

img

Қўшни давлатлар олий таълим муассасаларидан республикамиз олий таълим муассасаларига ўқишни кўчиришга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг айрим фуқароларнинг ўша давлатлардаги қатор университетлар ёки айрим “ишбилармонлар” билан келишиб, қалбаки ҳужжат тўғрилашга киришиб кетганлиги бугунги кунда яққол намоён бўлмоқда.

Турсунова Манзура Михлиевна (Навоий вилояти, Конимех тумани), Ботирова Нафиса Кахрамоновна (Навоий вилояти, Конимех тумани), Сафаров Миржаҳон Жалолиддин ўғли (Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани), Байкабилов Илхомжон Нажмиддинович (Самарқанд вилояти, Нуробод тумани), Тугалов Хайитбой Аул ўғли (Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани), Рахманова Аниса Иброхимовна (Самарқанд шаҳри), Сафаров Фарходхон Музаффар ўғли (Самарқанд вилоят, Нуробод тумани), Тохирова Дилафруз Синдаркуловна (Самарқанд шаҳри), Рашидова Мехрибон Бехзоджоновна (Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани), Хасанова Азиза Ахтам қизи (Самарқанд вилояти, Ургут тумани), Хусанова Мавсума Негматилло қизи (Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани), Бадалова Дилфуза Юлдошевна (Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани), Қурбонова Дилфуза Мўминқул қизи (Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани), Маматова Гулнора Куватовна (Самарқанд вилояти, Ургут тумани), Бозоров Баҳром Эломон  ўғли (Самарқанд вилояти, Нуробод тумани), Баракаев Элдор Акрам ўғли (Самарқанд вилояти, Иштихон тумани)... каби  яна ўнлаб талабаликка даъвогар фуқароларнинг қўшни давлатларга фақат бир кунга ёки бир неча соатга ўтишганлиги,  уларнинг паспортларидаги қўшни давлатга кириш-чиқиш белгилари негадир айнан ушбу қарор қабул қилинганидан кейинги кунларга тўғри келаётганлиги мазкур “Шоввозлар” ҳеч қандай имтиҳонсиз талабаликка қабул қилиниш борасидаги ўзгаришдан сўнг тезкорлик билан ҳужжат тайёрлашга киришган кўринадилар. Акс ҳолда, қўшни давлатга бор-йўғи бир соатга (!) чиқиб-кириш, март ойининг ўртасида, ҳатто охирида ҳужжат топширишга бўлган уринишларни қандай изоҳлаш мумкин?

Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳар йили анъанавий тарзда ёз ойларида бўлиб ўтади. Мактабда яхши ўқиган, тест синовларига пухта тайёргарлик кўрган минглаб ёшларимиз шаффофлик асосида ташкил қилинаётган имтиҳонларни ҳалол топшириб, талабаликка қабул қилиниш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Бироқ, қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш жараёнида қинғир ва қитмир йўллар билан осонгина талабага айланиш илинжидаги фуқаролар ҳам учрамоқда. Тинимсиз изланиш ва ўқиш ортидан келадиган билим орқали ўқишга кирган тенгдошларидан фарқли ўлароқ, улар ўзга давлатлардаги олий таълим муассасасида ўқиганликлари ҳақида сохта ҳужжатларни рўкач қилиб талабага айланмоқчи.

Айтайлик, талабгорда шундай ҳужжат мавжуд. Лекин унинг ўша олий таълим муассасасига бориб ўқиганлиги паспортидаги кириш-чиқиш белгилари орқали исботланмаса-чи? У ҳолда бунақа ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги қаерда қолади? Қўшни давлатда шу йўналишда бирорта фанни ўқиб-ўзлаштирмай туриб талабаман дейиш, қайси мезонларга тўғри келади?

Қалбаки ҳужжат эгалари олий таълим муассасаларидаги ўқишни кўчириш ишлари билан шуғулланувчи комиссияга ёлғон маълумот тақдим этиш, фириб йўли билан талабаликка қабул қилинишга интилиш тегишли тартибда жавобгарликка тортилишга олиб келишини унутган кўринадилар.

Ўз навбатида биз, ҳақиқатдан ҳеч қаерда ўқимаган, аммо бу ҳақида ҳужжати мавжуд фуқарони талабаликка қабул қилиш ҳалол йўл билан ўқишга кирган минглаб талабаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эканлигини, Самарқанд давлат университетида бунга асло йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.

 

СамДУ маъмурияти