Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz

Мирзо Улуғбекнинг 625 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Мирзо Улуғбек илмий меросининг замонавий астрономия фани ва таълими равнақидаги роли” мавзусидаги Республика ёш астроном талабаларининг IX‑илмий-амалий семинар-тренинги

ПРЕСС-РЕЛИЗИ

Жаҳон илм-фан аҳли, айниқса, ўзбек халқи 2019 йил 22 март куни ўзининг севимли фарзанди, қомусий олим, давлат ва жамоат арбоби Мирзо Улуғбекнинг 625 йиллигини кенг нишонлашди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларида бу байрам миллий маданиятимизнинг улкан ютуғи, буюк бобомизнинг дунё тамаддуни ривожланишидаги ҳиссаси сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти жамоаси узоқ йиллардан буён Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанидаги бетакрор тадқиқотларини ўрганиш, ёшлар ўртасида тарғиб қилишда ташаббус кўрсатиб келмоқда. Институт жамоаси, хусусан, раҳбариятининг бевосита иштирокида бир қанча олий таълим муассасаларида (СамДУ, АнДУ, ЎзМУ ва ҳ.к.) ўқув-илмий расадхоналар ташкил қилинди ва улар замонавий телескоплар билан жиҳозланди. Жамоа томонидан ҳар йили Республика олий таълим муассасаларида таълим олаётган иқтидорли талабалар ва ёш олимлар учун илмий конференция ва семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Бу тадбирлар ҳар йили турли олий таълим муассасаларида ўтказилиши билан ҳам кенг ёшлар оммасини жалб қилишда муҳим роль ўйнамоқда. 2017 йилда ана шундай тадбирлардан бири Андижон давлат университети базасида ўтказилди. 2019 йилда буюк бобомизнинг таваллудларининг 625 йиллиги муносабати билан бу буюк инсон яшаган, ишлаган, мадраса ва расадхона қурган, ўзининг машҳур “Зижи”ни яратган Самарқанд шаҳрида, ва айнан Самарқанд давлат университетида ташкил қилиниши ўзгача бўлмоқда.

Бу йилги семинар-тренингда Андижон давлат университети, Фарғона давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти, Жиззах педагогика институти, Қарши давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали, Навоий давлат педагогика институти хамда Самарқанд давлат университети талаба ва магистрантлари қатнашишади. Талабалар ва ёш олимлар семинар-тренингда таниқли олимлар (академик Ш.Эгамбердиев, проф.Б.Ахмедов, проф.Б.Махмудов, проф.С.Илясов доц. Ю.Тиллаев)нинг қатнашиши ва маърузалар билан чиқиши ушбу анжуманнинг юқори савияда ташкил қилинаётганлигидан далолат беради.

Семинар-тренинг дастурида иқтидорли талаба ва ёш олимларнинг маърузаларидан ташқари Самарқанд давлат университетидаги “Астрономия илмий-ўқув маркази”даги оптик кўзгусининг диаметри 48 см бўлган Грабб-Парсонс телескопида осмон жисмларини кузатиш, олинган тасвирларни таҳлил қилиш ва дунёнинг бошқа расадхоналаридаги натижалар билан таққослаш каби ишлар билан иқтидорли талабалар танишишади ва бевосита ўзлари кузатувлар олиб боришади. Оптик телескоп ёрдамида Юпитер, Марс, Сатурн сайёралари, Ой ва бошқа осмон жисмларининг кузатилиши ва замонавий ёруғлик детектори ёрдамида бу ёриткичларнинг тасвирлари олинади. Бу кузатувлар ЎзФА АИ (Ю.Тиллаев, Д.Мирзақулов) ва СамДУ ходимлари (А.Ажабов, Б.Жўраев, Ф.Ҳамроқулов) томонидан ташкиллаштирилади.

Семинар-тренинг дастуридан Улуғбек мадрасаси ва расадхонасига саёҳат, бу илм-фан масканларидаги музей экспонатлари ва илмий маълумотлар билан танишиш ҳам жой олган.

Тадбирнинг тантанали очилишида СамДУ ректори, профессор Р.И. Халмуродов ва ЎзФА Астрономия институти директори, академик Ш.А. Эгамбердиевларнинг тадбир иштирокчиларига табриклари ҳамда пленар йиғилишда ЎзФА Астрономия институти директори, академик Ш.Эгамбердиев, шу институт профессори Б.Ахмедов, СамДУ проектори Ҳ.А. Хушвақтов, профессор М.Қ. Қодировларнинг маърузалар билан чиқишлари режалаштирилган.

Тадбир якунида семинар-тренинг иштирокчилари ва ёш олимлар сертификатлар билан тақдирланиши ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрадилар.

Семинар-тренингнинг тантанали очилиши ва биринчи пленар йиғилиши 2019 йил 9 апрель куни соат 11:30 да Самарқанд давлат университети Бош биноси кичик мажлислар залида бошланади.

ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТА