Кафедра СамДУнинг дастлабки кафедраларидан бири ҳисобланади. У 1927 йилда “Ўзбек адабиёти тарихи” номи билан ташкил этилган. Кафедранинг шаклланишида А.Фитрат, С.Айний, А.Саъдий, В.Абдуллаев, О.Шарафиддинов каби йирик адабиётшунос олимларнинг хизмати катта бўлди.
1984 йилда бу кафедра таркибидан “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти” кафедраси ажралиб чиқди. 2015-2016 ўқув йилидан эътиборан “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси номи остида бирлаштирилган. 2017 йилдан эса “Истиқлол даври адабиёти ва адабиёт назарияси” кафедраси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Кафедрада турли йилларда фаолият юритган адабиётшунос олимлар қатор муваффақиятларга эришганлар. Н.Шукуровнинг "Адабиётшуносликка кириш"; С.Мирзаевнинг "Ҳозирги замон ўзбек адабиёти тарихи"; Ҳ.Умуровнинг "Адабиёт назарияси", "Бадиий ижод асослари", "Адабиётшунослик назарияси" каби асарлари ана шу ютуқлар самараси бўлиб, республикамиз олий ўқув юртлари филология факультетлари талабалари учун дарслик вазифасини ўтамоқда.
Кафедра аъзолари бошданоқ педагогик ишни илмий тадқиқот ишлари билан қўшиб олиб бормоқдалар ва яхши натижаларга еришмоқдалар. Самарқанддан етишиб чиққан адабиётшунос олимлардан еттитаси турли йилларда ҳозирги замон ўзбек адабиётидан докторлик диссертациясини тайёрладилар ва ҳимоя қилдилар. Булар: Ориф Икромов (1970), Саъдулла Мирзаев (1973), Нуриддин Шукуров (1973), Раҳим Муқимов (1975), Ҳотам Умуров (1984), Шавкат Холматов (1986), Исроил Мирзаев (1991), Шавкат Ҳасанов (2004), Абдураҳим Солиев (2012), шунингдек, турли йилларда кафедра ёрдамида 60 дан зиёд аспирант ва ёш тадқиқотчилар номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар. Буларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва вилоятларидаги университет ва педагогика олийгоҳларида, муассаса, нашриёт, газета ва журналларда фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда илм-фан, мактаб-маориф тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшдилар ва қўшмоқдалар.
КАФЕДРА: БУГУНИ ВА ИСТИҚБОЛИ
Кафедрамиз профессор-ўқитувчилари бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритмоқда. Кафедра томонидан тайёрланаётган дарслик, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий қўлланмалар, услубий тавсиялар янги педагогик технологиялар асосида яратилмоқда. Ҳозирги кунда кафедрада 3 та фан доктори, профессор, 3 та фан номзоди, 1та доцент, 3 та катта ўқитувчи, 1 та ўқитувчи бўлиб, жами 8 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатиб келмоқда. А.Носиров, У.Қобилов М. Давроновалар докторлик диссертацияси устида ишламоқда.
Кафедра қошидаги “Шалола” ва “Ёш адабиётшунос” тўгараклари фаолияти янада жонланиб бормоқда. Тўгарак аъзолари университет ва вилоят миқёсида турли тадбирларда иштирок этиб муносиб тақдирланмоқда Кафедрамиз келажакдаги мақсадларидан бири бугунги кунда докторлик диссертациялари билан шугулланиб келаётган ўқитувчилар фаолиятини қўллаб қувватлаш, уларнинг олдига қўйилган мақсадларини амалга ошишига кўмаклашишдир. А. Тошпўлатовнинг “Ўзбек адабиётида новелла жанри ва унинг бадиияти”, Д. Хурсановнинг “Ҳозирги ўзбек шеъриятида хронотоп поэтикаси” каби фалсафа докторлиги диссертациялари тайёрланмоқда. Кафедрамиз профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув машғулотлари замон талабларига мувофиқ, кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан келиб чиққан ҳолда янги педагогик технологиялар асосида ўтказилмоқда.
Бугунги кунда кафедрада янги илмий, бадиий китоблардан иборат кутубхона ташкил этилган. Бу кутубхонадан факультет талабаларининг барчаси фойдаланиб келмоқда. Кутубхонада янги мустақиллик мафкураси ғояларига жавоб берадиган китоблар жамланган. Келгусида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан кутубхона фондини янада кенгайтириш кутилмоқда.
Кафедрада ўқитиладиган фан ўқув дастурлари
Бакалавриат таълим йўналиши ўқув режаси
Магистратура мутахассислиги ўқув режаси